17-avgust, 2026

АГАР ЮЗ МИНГ БАҲОР БЎЛСА...!

Бугунги таълим тизимида амалга оширилаётган янгиликлардан албатта барча ўқитувчилар хабардор. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сонли қарори асосида умумий ўрта таълимнинг янги Давлат таълим стандартлари (ДТС) ишлаб чиқилди ва амалга жорий этилди. Янги ДТСга кўра ўқув дастурлари ва дарсликларига ўзгартиришлар киритилди. Ўтган ўқув йилига қадар 6-синф адабиёт дарсларида П.Қодировнинг “Авлодлар давони” романидан “Низомнинг тантилиги” номли парча ўқитилар эди. Захириддин Муҳаммад Бобур Ҳиндистонда барпо этган марказлашган давлатни сақлаб қолиш учун тўнғич ўғли Хумоюн Мирзо олиб борган курашлар, бу йўлдаги қийинчилик ва машаққатлар “Авлодлар давони” романида маҳорат билан тасвирланган. “Низомнинг тантилиги” парчасида Хумоюн ҳинд рожаси Шерхоннинг “тўзоғи”га тушиб, қўшини қамалда қолади ва Карамнаса дарёси орқали чекинишга мажбур бўлади. Сувга ғарқ бўлаётган Хумоюнни кемачи йигит Низом қутқариб қолади. Шоҳ Хумоюн ва оддий эшкакчи йигит ўртасида дўстона муносабат пайдо бўлади. Ғоявий жиҳатдан пухта ва қизиқарли бу парчанинг ўқувчилар тарбиясида аҳамияти катта, албатта. Аммо янги дастурда бу асарнинг ўрнига янги 6-синф адабиёти дарслигига киритилган “Юлдузли тунлар” романидан олинган парча ёш авлод тарбиясида янада муҳимроқ ва аҳамиятли деб ўйлайман. Чунки бутун дунёга маълум ва машҳур аждодимиз З.М.Бобурнинг ҳаёти, яратган асарларни қанчалик кўп ўқиб ўрганмайлик оздек туюлаверади. Бу романдан 6-синф ўқувчиларига тақдим этилган парчада Бобурнинг саркарда, давлат арбоби сифатидаги қатъияти ва матонати тасвирланиши билан бир қаторда унинг маърифатпарварлик, инсонпарварлик ва адолатпарварлик фазилатлари ҳам ғоят ёрқин ёритиб берилган. Ўн етти ёшли ҳукмдор Бобур хоин Аҳмад Танбалга Андижонни олдириб қўйгач, қўшин тўплаб, қайта қўлга киритиш учун фурсат кутаётганда Хўжандда навкарлари билан узоқ вақт меҳмон бўлиб туришга юзи чидамай тоғларга чиқиб кетади ва ов қилиб рўзғор ўтказади. Овдан бўш вақтларида китоб ўқийди, хотира ёзади, шеър машқ қилади. Аҳмад Танбалнинг зулмидан аҳволи оғирлашган Андижон халқи Бобурни элчи орқали чақиртириб, қалъа дарвозаларини очиб беради... Умумий ўрта таълим мактабларининг 10-синф ўқувчилари учун яратилган адабиёт дарслик-мажмуасида “Бобурнома”нинг 1506-1507 йиллар ва 1529 йил воқеалари тасвирланган боблари берилган. 1506 йилда Бобур Ҳусайн Бойқаронинг таклифи билан Хуросонга боради ва Шайбонийхонга қарши биргаликда кураш олиб боришни режалаштирадилар. Бироқ, Хусайн Бойқаро тўсатдан вафот этади ва курашни унинг ўғиллари билан амалга оширмоқчи бўладилар. Ака-укалар ўртасида ўзаро келишмовчиликлар туфайли бу режа ҳам амалга ошмай қолади. Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари ўртасидаги низолардан норози бўлган Бобур “Бобурнома”да инсонийлик ва ҳаёт мазмуни тўғрисида жуда доно фикрларни ёзади: “Ақл эгаси бўлган ҳар қандай одам ортида ёмон сўзлар билан эсланадиган ишларга нега қўл ураркин, эс-хуши жойида бўлган ҳар бир киши дунёдан ўтгач, таҳсинлар билан эсланадиган ишларни қилишга нега уринмас экан? Исмнинг ёдга олинишини ҳакимлар иккинчи умр деганлар...” (Тўхлиев Б. Ва б. “Адабиёт”, 10-синф учун дарслик мажмуа, 1-қисм, 117-бет, Тошкент-2017) “Бобурнома”да Ҳусайн Бойқаронинг ўғиллари майхўрлик мажлисларига ҳам танқидий муносабат билдирилган: “Суҳбат (майхўрлик) мавриди бўлмаса-да ош тортиладиган ерга хонтахта қўйиб, олтин ва кумуш кўзачаларни уларнинг устига тердилар. Бурунлари бизнинг ота-боболаримиз Чингиз одатини жуда ҳурмат қилардилар. Базм ва маҳкамада, тўй ва ошда ўтириш ва туришда одатга хилоф иш қилмасдилар. Чингизхоннинг одати олий қатъий ҳужжат эмасдирки, албатта, киши унга амал қилсин! Ҳар кимдан яхши қоида қолган бўлса, унга амал қилмоқ керак. Агар ота ёмон иш қилган бўлса, яхши иш билан алмаштирмоқ керак.” (Тўхлиев Б.ва б. “Адабиёт” 10-синф учун дарслик-мажмуа.) Бобурнинг моҳир саркарда, ҳассос шоир, адолатли шоҳ ва зукко олим эканлигини кўпчилик жуда яхши билади, аммо жуда меҳрибон ҳамда ўта қаттиққўл ота эканлигини ҳамма ҳам билавермаса керак. “Бобурнома”нинг 1528 йил воқеалари тасвирида баён этилишича, бу вақтда Бобурнинг ўғли Хумоюн Мирзо Қобул вилоятининг ҳукумдори эди. Ота ўғлининг бу мартабага эришган даврида ҳам тез-тез тергаб турган. Бобур Хумоюнга ёзган хатида кўпгина ишларини маъқуллаган ҳолда, баъзи ишларини кескин танқид қилади. Ўғилли бўлганлиги билан табриклаб, исмини Алъамон қўйганига эътироз билдиради: “Ўйлаб кўрмабсан-да, авом халқ нотўғри талаффуз қилиб, Аламо (арабча, “кўр”, “кўзи ожиз”) атаб кетиши мумкин” деб ёзади. Шунингдек, хатларини имло хатолари билан мавҳум тилда ёзаётганлигининг сабабларини кўрсатиб, маслаҳат беради; “...илтифотни “То” билан битибсен. Қулунжни “ё” билан битибсен. Хатингни худ ҳар тавр қилиб ўқиса бўладур, вале бу муғлақ алфозингдин мақсуд тамом маҳрум бўлмайдур...” такаллуф қилай дейсен, ул жиҳатдин муғлақ бўладур. Бундан нари бетакаллуф ва равшан ва пок алфоз била бити; ҳам сенга ташвиш озроқ бўлур ва ҳам ўқуғучига...” (З.М.Бобур, “Бобурнома” Тошкент-1989, 321- бет) Демак, Бобурнинг таъкидлашича, Хумоюн ҳашамдор ва тантанавор тилда ёзишга урингани учун хатини тушуниш қийин экан. З.М.Бобур ўз навкар ва бекларига ҳам жуда ғамхўр ва адолатли бўлган. Қобул яқинидаги тоғларда кучли бўронда қолиб кетади. Бўрондан сақланиш учун ғор топилган чоғда эса “навкарларим сиғмай қоладиган ғорга мен ҳам кирмайман” деган андиша билан бўрон тўхташини навкарлари билан бирга қор бўронида кутади. Менинг кўнглимки гулнинг ғунчасидек таҳ-батаҳ қондур, Агар юз минг баҳор бўлса, очилмоғи не имкондур... Инсон ўзининг ниҳоятда оғир аҳволи ва руҳиятини ҳам жуда гўзал ва ёрқин мисраларда тасвирлаши мумкин бўлганлиги Бобур бу шоҳ байтида исботлаб берган. Шоир агар бугунги озод ва дориломон ҳаётни кўрганда эди, кўнгли бир баҳорнинг ўзидаёқ юз минг гуллар очилар эди. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг сеҳрли қалами билан биз авлодларга бебаҳо мерос қолдириб кетди. Унинг рубоий ва ғазалларини, “Бобурнома” асарини ўқиганимизда, бу улуғ инсонни моҳир педагог ва донишманд мураббий ҳам бўлганлигини ҳис этамиз. Бутун ҳаёти ибрат мактабига айланган бобокалонимиздан, унинг мероси ва фазилатларидан бутун умр ибрат олсак арзийди.