17-avgust, 2026
БИР ҒАЗАЛНИНГ МИНГ ЖИЛОСИ
“Иштихон овози” рўзномасининг 2008 йил, 5 февраль сонида босилган буюк шоир Алишер Навоийнинг бир ғазали талқинига бағишланган мақола қўлимга қалам олишга ундади. Чунки мақола жўшқин илҳом билан ёзилган бўлиб, муштарийнинг қалбидан жой олади. Дарҳақиқат, Алишер Навоий ҳазратлари нафақат буюк шоир, балки буюк мутасаввуф олим ҳам эди. “Ҳайратул аброр” достонининг “Ишқ таърифида” деб номланган мақолотида шундай ёзади: Ишқ агар дур, кўнгил дурж анга, Ишқ қуёш бўлса, кўнгил бурж анга, Бўлмаса ишқ икки жаҳон бўлмасун, Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун. Шоир мисраларда бойликни ҳам, ёруғликни ҳам, икки олам борлиги-ю ва ҳатто тирикликни ҳам ишқ билан ўлчайди. Ҳазрат бобомизнинг бошқа барча достонларида ҳам (“Фарҳод ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Сабъаи сайёр”, “Садди Искандарий, “Лисон ут-тайр”) ишқ мавзуси етакчилик қилади. Адабиёт шайдоси Ш. Тўраевнинг “Қаро кўзим” ғазали талқинига қўшилган ҳолда, ўз тушунчаларимни ҳам илова қилмоқчиман. Алишер Навоийнинг буюк шоир сифатида жаҳон жамоатчилиги яхши билади. Аммо буюк файласуф эканлигини барча билмаса керак. Чунки Шарқ халқлари фалсафаси дин қобиғи остида ўсди ва ислом дини билан бирга “тасаввуф” номли фалсафий қарашлар силсиласини вужудга келтирди. Европа шарқшунослари бу оқимни пантеизм сифатида тан олган бўлса ҳам, кенг жамоатчилик онги ва қалбига кириб бориши учун катта ташвиқот- тарғибот меҳнати талаб этилади. “Қаро кўзим” ҳар байтига чуқур фалсафий хулосалар сингдирилган мураккаб ғазал бўлиб, уни ҳар бир ўқувчи турлича тушуниши ва ўз тушунчаларини энг тўғриси, деб ўйлаши мумкин. Аммо Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” фалсафий асарини ўқиган ва асардаги тасаввуфий қарашларни тушунган мухлис ҳақиқатга яқин хулоса чиқаради, менинг назаримда. Чин ошиқ ёр васлига етиши, комил инсон бўлиб Оллоҳ билан бир бутунлик ҳосил қилиши учун етти водийдан ўтиши шарт. 1.Талаб водийси. 2. Ишқ водийси. 3.Маърифат водийси. 4. Истиғно водийси. 5.Тавҳид водийси. 6. Ҳайрат водийси. 7. Фақру фано водийси. “Қаро кўзим, келу мардулиғ эмди фан қилғил...” Гўзаллик, азизлик ва бераҳмлик рамзи “қаро кўз” қачон одамгарчиликни ўзига фан (касб) қилади? Қачонки, айрилиқ азобида ёнаётган ошиғи ҳолига назари тушса, ошиқ тилаги амалга ошади. “Кўзим қаросида мардум киби ватан қилғил” Маъшуқа ошиқнинг кўз қарочиғидан қачон жой олиши мумкин? Қачонки, ошиқ фақат ёрига термулиб, бошқа ҳеч нарсага назар ташламаса, кўз қарочиғидан маъшуқа акси жой олади, яъни ўзига “ватан” қилади. Дунёда ҳамма нарса (бойлик, мансаб, роҳат)дан воз кечиб, фақат ёр ишқида ёниш ва бундан роҳатланиш “Талаб водийси” шартидир. (“Лисон ут-тайр”). “Юзинг гулига кўнгил равзасин яса гулшан...” Тасаввуф таълимотига кўра, Оллоҳнинг макони қалбда, гул юзли жонона қалбдан жой олса, кўнгил жаннатга айланади, яшнаб кетади. “Қадинг ниҳолига жон гулшанин чаман қилгил...” Қад ниҳолининг жон гулшанидан жой олиши табиийдек кўринади, чунки навниҳолдек тик қоматли, “алиф” ҳарфи “жон” сўзининг ўртасида жой олган. “Алиф” ҳарфи тасаввуфда ваҳдат тимсоли: ошиқнинг ёр билан бирлашиб кетиши, камолот чўққиси ҳисобланади. Бу ғоя Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида “Тавҳид водийсининг таърифи” бобида баён этилган. “Таковаринга бағир қонидан хино боғла...” Бу мисрада таковар (учқур от) туёқларига атайлаб хино боғлаш назарда тутилмаган, балки бераҳм ёрга “Мен- ошиқни писанд этмасдан учқур отингни устимга ҳайда, ўртанган бағримни босиб, янчиб ўтсин” деб мурожаат қилинаяптики, шунда от туёқларида қондан хино қолади. Бу ҳам фақирлик, яъни ёр олдида паст кетиш талабларидан биридир. “Итингга ғамзада жон риштасин расан қилғил...” Ошиқнинг ғамзада жон ипи шунчалар қаттиқки, ишқ азобларидан узилмаяпти, ёр иттига боғласа, зора узилиб кетар. Ошиқ ўзига шунчалик хорликни раво кўриши “Лисон ут-тайр” асарининг “Ҳайрат водийсининг сўзи”, “Фақиру фано водийсининг адоси” бобларида баён этилади. “Фироқ тоғида топилса, туфроғим, эй чарх, Хамр этиб, яна ул тоғда кўҳкан қилғил”. “Кўхкан” (тоғ қазувчи) Фарҳоднинг тимсоли, у ишқ йўлида камолотга эришиб фано бўлган образдир. Тасаввуфда “ўлмай туриб ўлиш” тушунчаси нафсни енгиш ифодасини англатади. Фарҳод Ширинга етишиш учун Искандар тилсимин очади, (Искандар барча халқларни бирлаштириб, яъжуж-маъжжужларни енгган маърифатли шоҳ образи) Искандар тилсимин очгунча эса учта хатарли душманни енгади. Биринчи душман аждаҳо, менинг тушунишимча, томоқ баднафслигини тимсоли. Чунки Фарҳод аждаҳони енггач, Фаридун хазинасини қўлга киритди. Фаридун бадавлат ва адолатли афсонавий шоҳ образи. Демак, томоқ нафсини жиловлай олган инсон энг катта бойликка эга бўлади. Иккинчи душман Аҳриман-девни енгган Фарҳод Сулаймон узугини қўлга киритади. Аҳриман-дев ичкиликбозлик нафсининг тимсоли, чунки Фарҳод девни зулфиқор қилич ва исми Аъзам ёзилган қалқон билан енгади. Бу ислом дининг тимсоли бўлиб, ислом дини ичкиликбозликка қарши курашган. Дев ва парилар инсонни сеҳрлаб, ақлу хушидан айиради. Маст қилувчи ичимликларда ҳам шу хусусият мавжуд. Сулаймон узуги чексиз ҳокимият эгасига насиб этади. Ҳукмронлик ва сергаклик: ҳокимият ва ҳушёрлик бир-бирини тақозо этади. Учинчи душман темир одам қиёфасидаги пари шаҳват нафсининг тимсоли бўлса керак. Унинг дарвозасини баҳайбат арслон қўриқлайди. Кўксида кўзни қамаштирувчи ойна бўлиб, яқинлашган одамга ўқ ёғдиради, ҳалок қилади. Фарҳод “темир одам”ни енггач, Жамшид жомини қўлга киритади. Бу илоҳий ишқ лаззати, демакдир. Мен мақолада Ш.Тўраев таърифлаган “Юзида терни кўриб” ифодасини бошқача тушуниб юрар эдим. Тер мумтоз шеъриятда ёрнинг ҳис-ҳаяжонини англатади. Ошиққа эътибор берган жонона юзида ҳаяжондан тер томчилари пайдо бўлади. Ёрнинг ўзига нисбатан бефарқ эмаслигини юздаги тер томчиларидан сезган ошиқ қувончдан юраги ёрилиб ўлади. Қувончдан ўлиш халқ тилида кўп учрайди, аммо гўзал жамол беҳуш қилади, маст қилади ёки ақлдан оздиради. “Навоий, анжумани шавқи жон аро тузсанг, Анинг бошоқлиқ ўқин шамъи анжуман қилгил”. Иккинчи байтда “жон” сўзининг ўртасидаги “алиф” ҳарфи навниҳол қоматга ўхшатилган. Сўнгги байтда эса анжуманни ёритиб турган шамга қиёсланади. Бу “фақру фано водийси”даги парвоналарни куйдираётган шамни эслатади. “Буюк шоир сабоғи” мақоласида “Қаро кўзим” ғазалининг лирик қаҳрамони-ошиқ аҳволи ёритиб берилган. Мен бу ҳолатлардан келиб чиқадиган ғоявий хулосаларни топишга ҳаракат қилдим. Алишер Навоийнинг бу ёки бошқа ғазалларининг бадиий хусусиятлари, бадиий тасвир воситалари, вазни ва оҳанги тўғрисида ҳам юзлаб мақолалар ёзиш мумкинки, бу мавзуни давом эттиришни сиз азиз шеърият мухлисларидан кутиб қоламиз.