17-avgust, 2026

БУЮКЛАРИМИЗНИНГ МАЪНАВИЙ ЖАСОРАТИ

Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.А.Каримов ўзининг “Юксак маънавият-енгилмас куч” номли асарида ижод аҳлини улуғлаб, “Энг буюк жасорат бу-маънавий жасорат” деб ёзган эди. Буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг яратган илмий ва бадиий асарларини ҳам чинакам маънавий жасорат масъулидир десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди, деб ўйлайман. Халқимизнинг маданий мероси, тарихи, урф-одатлари тўғрисида батафсил маълумот олиш мумкин бўлган “Бобурнома” асари тўрт марта форс тилига, тўрт марта инглиз тилига, икки марта француз тилига, шунингдек, немс, япон, турк, урду ва ҳинд тилларига таржима қилган. (“Буюк аждодларимиз”, Ўзбекистон миллий энциклопедияси Давлат илмий нашриёти, Тошкент-2010, 204-бет). Мана шу далилларнинг ўзиёқ жаҳон илм аҳли Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодига ғоят катта қизиқиш билан қарашини кўрсатди. “Бобурнома”нинг жаҳон халқларининг тилларига қайта-қайта таржима қилиниши ва нашр этилишининг сабаби, бу асарнинг қомусий билимлар бериш билан бирга ғоят маҳорат билан бадиий етук тил ва услубда ёзилганлигидандир. Умрининг катта қисмини жанг-у жадалларда ва сарсон саргардонликда ўтказган Бобур ғоят зийрак ва синчков киши бўлган. “Бобурнома”да бирор географик жой ҳақида ёзганда, у жой қандай географик кенглик ва узунликда жойлашгани, иқлими, табиати, анҳор, ариқ, чашма, дарё ва қирлари, об-ҳавоси, ҳунармандчилиги ва қишлоқ хўжалиги, ўсимликлари ҳамда ҳайвонот дунёсигача маълумот беради. Масалан, Самарқанд тасвирини атрофидаги ўтлоқлар, боғлар, қўрғони ва дарвозалари; шаҳарда ҳукмронлик қилаётган амалдорлар, дин пешволари, дини ва мазҳаби таъриф-у тасвирлар билан бошлайди. Муаллиф шунчалар синчков ва кузатувчанки, Самарқанд қўрғонининг деворлари устидан қадамлаб ўлчатган ва “ўн минг олти юз қадам чиқди” деб ёзади. “...Рубъи маскунда Самарқандча латиф шаҳр камроқдур. Бешинчи иқлимдиндур. Тум (узунлиги) 99, рамзи нужуми 56 даража ва дақиқадир... шарқи Фарғона ва Кошғар, ғарби Бухора ва Хоразм, шимоли Тошканд ва Шоҳруҳия...” Самарқанд шаҳрининг жойлашган ўрни ҳақида батафсил маълумот берилгач, унинг сув таъминоти, ариқ ва анҳорлари тасвирлаб берилади. Дарғом ва Кўҳак дарёларининг (Зарафшон дарёси ирмоқлари) суви Бухоро вилоятининг Қоракўл туманигача бўлган қишлоқларни сув билан таъминланиши ва бу ҳудудлар аҳолиси, асосан, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишин ёзган. “... Узуми ва қовуни, олмаси ва анори, балки жами меваси хўп бўлур. Вале икки мева Самарқанддин машҳурдир: себи (олма) Самарқанд ва соҳибийи (узум) Самарқанд...” Шундан сўнг, Самарқанд шаҳрида Амир Темур ва Мирзо Улуғбеклар қурдирган иморатлар ва барпо эттирган боғларининг жойлашиш ўрни, ташқи ва ички кўриниши ғоят содда ва тушунарли тилда ҳикоя қилинади. Асар эски ўзбек адабий тилида (чағатой тилида) битилган. Гаплар тушуниш осон бўлиши учун содда ва лўнда (ихчам), ортиқча жимжимадор сўзлардан ҳоли: “...Самарқанднинг шарқида икки боғ солибтур, бириким йироқдур, Боғи Бўлдудур, ёвуқроғи Боғи Дилкушодир. Андин Феруза дарвозасиғача хиёбон қилиб, икки тарафида терак йиғочлари эктирубтур”. Сарой, мадраса, масжид, расадхоналар тасвирида унинг безатилиши ва ўзига хос жиҳатларига алоҳида эътибор қаратган. Ҳатто, муҳандис ва бинокорлар йўл қўйган кичик камчиликлар ҳам зукко ижодкорнинг эътиборидан четда қолмаган: “...Яна бу мадрасаларнинг жанубида бир масжид солибтур, масжиди Муқаттаъ дерлар. Бу жиҳатдин Муқаттаъ дерларким, қитъа-қитъа йиғочларни тарош қилиб, ислимий ва хитоий нақшлар солиб-турлар, тамом деворлари ва сақори (шифти) ушбу йўсунлуқдур. Бу масжиднинг қибласи била мадраса қибласининг орасида бисёр тафовуддур. Ғолибо бу масжид қибласининг самти мунажжим тарийқи била амал қилибтурлар”. Эътибор беринг-а, зийрак ижодкор мадраса қибласи билан унинг яқинида қурилган масжиднинг қибласи орасида катта фарқ борлигини аниқлай олган ва масжиднинг қибласи мунажжим (астроном)лар қоидасига тўғри келишини ёзади. “Бобурнома”ни ўқиб, XV-XVI асрларда Самарқандда ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ ғоят ривож топганлигини билиб оламиз. Жумладан, ҳар бир ҳунармандчилик маҳсулотларининг алоҳида-алоҳида бозори борлиги, нонвойлик, ошпазлик тараққий этганлигини, Самарқандда ишлаб чиқарилган қоғоз ва қирмизи бахмал бутун дунёга машҳурлигини қайд этиб ўтади. “Бобурнома”ни ўрганиш орқали биз китоб муаллифидан инсонларга, табиатга, атроф муҳит ва тарихий обидаларга муносабат, ҳурмат-эътиборни ўрганишимиз мумкин. Буюк аждодимизнинг зийраклиги ва синчковлиги, сабр-бардоши, жасорати, матонати ва заҳматкашлиги катта ибрат мактаби бўла олади.