17-avgust, 2026
Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллиги олдидан: Шоирнинг бадиий маҳорати
Усмон Носирнинг бадиий ижод майдонига кириб келиши ҳақида Туроб Тўла шундай ёзган: “Усмон шеъриятимизга шамолдай кириб келди. Балки бўрондай!” У шундай тўполон ва тўлқин билан келдики, унча-мунча шеърий услуб ва ижодни тўс-тўс қилиб юборди...” шу таъбирга ўхшатма тарзида бир гап айтсак, Муҳаммад Юсуф шеър мухлислари қалбига жўшқин бир қўшиқдек дилларни титратувчи куй бўлиб, кўзларни қувонтиргувчи дур каби, маънавиятимиз йўлларини ёритгувчи нур каби кириб келди. Таниқли хонанда ва бастакорларнинг эътироф этишича М.Юсуф шеърларига куй басталаш ниҳоятда осон кечган. Бунинг сабаби уларни оҳангдор ва ўйноқи вазнларда яратилганлигида бўлса керак, албатта М.Юсуф шеърларини бармоқ ва эркин вазнда яратган. Ҳар иккала вазнда яратган шеърлари ҳам инсон қалбини тўлқинлантирадиган мусиқий оҳангларда ўқилади. Ижодкор бу оҳангдорликка қўшимча яна ўз шеърларида паралеллик, такрор, қўшқофия, ташбеҳ, сифатлаш, муболаға, рамз, истиора ва ёйиқ метафора каби шеърий санъатлардан маҳорат билан фойдаланиб, ўқувчи тасаввурига ёрқин ва гўзал манзаралар яратиб бера олган. Аллитерация товушлар оҳангдошлиги деган маънони билдиради. Масалан: Ёзёвонда ёз ёмон, Қиздирармиш офтоблар. Ёзда қандай сақлар жон, Ёзёвонлик моҳтоблар...? Бу мисраларда “Ё” товушлари кетма-кет такроридан шеър оҳангдорлиги таъминланган. Замонавий шеъриятнинг энг илғор ютуқларидан бири ёйиқ метафора услубидир. Бунда бутун бир матнлар кўчма маънода қўлланилади. Масалан: Ўтар қанча йитллар тўзони, Юлдузлар кўз ёши самони. Ўтар инсон яхши ёмони, Меҳр қолур, муҳаббат қолур. Буюк мақсадлар, эзгу ниятларни амалга ошириш учун шиддатли ҳаёт кечираётган инсонларнинг ҳаёти шундай ўтадики, вақтнинг ва умрнинг ўтиши бўрондек тез кечади. Натижада йиллар худди бўрондан қолган тўзондек из қолдиради. Мақсадсиз яшаётган лоқайд одамлар учун вақт жуда секин ўтади ва улар шиддатли ўтаётган йилларнинг тўзонини кўра олишмайди. Ҳеч қандай из қолдирмай, чанг –тўзондек самарасиз ўтаётган йилларга ачиниб само кўз ёши тўкаяптики, кўз ёшлари юлдуз бўлиб, тун бағрини тўлдирган. Инсоннинг яхшиси ҳам, ёмони ҳам ўтади. Меҳр ва муҳаббат қаерда қолиши мумкин?! Буюк ишларда, буюк кашфиётларда қолади. Достонлар, қўшиқлар, Регистон, Бибихоним ансамбли, Амир Темур мақбараси, барча қадимий шаҳарлар... Мана шулар меҳр ва муҳаббат маҳсулидир. Қорачуғда порлаган ўша, Иқболига чорлаган ўша. Дунёни тор айлаган ўша, Меҳр қолур, муҳаббат қолур. Меҳр ва муҳаббатнинг макони қалбда. Қалбни кўриб бўлмайди. Аммо, шеърнинг тасвирлашича, қалбни қорачиқ орқали кўриш мумкин экан. Меҳир ва муҳаббат қорачиқда порлаб туради. Қорачиғида меҳр ва муҳаббат порлаб турган одамдан яхшилик ва улуғ ишлар кутиш мумкин. Аммо эзгу ишлар ҳамиша ҳам осонликча амалга ошмаган. Ёмон одамлар қаршилиги туфайли меҳр ва муҳаббатли одамлар кўзига дунё тор кўринади. Лекин барибир меҳр ва муҳаббат қолади. Анор сенинг юзларинг сулув, Хумор, сенинг кўзларининг сулув. Ёдда қолмас сўзларинг сулув, Меҳр қолур, муҳаббат қолур. Бу бандда маъшуқа гўзаллиги ҳақида таъриф-тавсиф келтирилмоқда. Ошиққа маъшуқанинг юзлари ҳам, кўзлари ҳам сулув кўринади, ҳаттоки эсда қолмайдиган сўзлари ҳам (хато камчилик, нуқсонлари ҳам) гўзал бўлиб кўринади. Оқиб кетди сувларда Тохир, Зуҳра йиғлаб қолди қон бағир. Келганда ҳам қиёмат охир, Меҳр қолур, муҳаббат қолур... Меҳр ва муҳаббат абадий бўлса-да, аммо ҳамиша йўллари равон бўлмаган. Ҳамиша тўсиқ ва тўғаноқларга учраган. Муҳаббат йўлидаги тўсиқлар туфайли Тоҳир сувда оқди, Зуҳра бағри қон бўлиб йиғлади. Лекин меҳр ва муҳаббат барча қаршиликларни енгиб то қиёматгача яшайди, яъни мангудир. Нима дейсан эй ғаюр инсон? Ғийбатларинг қилур мени қон. Сен ҳам бир кун ўтарсан, инон, Меҳр қолур, муҳаббат қолур! Ишқ-муҳаббат бор жойда, албатта бахтиёр ошиқни кўра олмайдиган ҳасадгўй “ағёр” (ғаюр инсон) бўлади. Аммо, бу ағёр билмайдики, муҳаббатни тортиб олиб бўлмайди, отиб олиб бўлмайди. Қалбида чин муҳаббат бор инсон буюк яратувчилик қобилиятига ҳамда улуғ ишлар қилиш қудратига эга бўлади. Бир лаҳза ҳам вақтни майда-чуйда ғийбатлар билан беҳуда ўтказмайди. Яратувчилик, бунёдкорлик ишлари билан банд бўлади. Ғаюр инсон гўё дунёга устун бўладигандек яхшилар йўлига тўғаноқ бўлади, аммо чанг- тўзондек ўтиб кетганини билмай қолади. Бу шеърда ёйиқ метафорадан ташқари паралеллик, (Меҳр қолур, муҳаббат қолур), талмеҳ (Тоҳир ва Зуҳранинг эсга олиниши), истиора (Анор, Хумор), тазод (яхши-ёмон) каби шеърий санъатлардан фойдаланилган. Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг, йўқ, Кокил ёйсанг тошдан бўлак тошойнанг йўқ, Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб, Пешонангдан ўпай десам, пешонанг йўқ... Бундай аниқ ва тиниқ манзаралар тасвирини Муҳаммад Юсуф шеърларида кўплаб учратиш мумкин. Бир банд (тўрт қаторли)нинг ўзида товушлар оҳангдошлиги, такрор, кўчим , ташбеҳ, тазод каби санъатларнинг қўлланиши шеърнинг бадиийлигини оширган, ўқувчига ўксиб турган қизғалдоқ образини яққол чизиб берган. Биз Муҳаммад Юсуф шеъриятининг таъсирчанлигини оширган бадиий хусусиятларнинг баъзилари тўғрисида фикр билдирдик, холос. Мамлакатимиз раҳбарининг Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги Фармони биз адабиёт ўқитувчилари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Шоир ижодини ўзгача бир нигоҳ билан чуқурроқ ўрганишимиз ва ўргатишимиз зарурлигини ҳис этамиз.