17-avgust, 2026
МУМТОЗ АДАБИЁТНИ ЎРГАНИШ ОСОНМИ?
Кейинги пайтларда ўқитувчи ва илми толиблар орасида «доно» бир «фалсафа» тарқалди; «тил-адабиёт осон, шунга ўқи», —«осони филфак» (филология факультети) шунга ҳужжат топшир; «Бундай донишманд»ларга жавобимиз шундай бўлмоғи лозим; Хўп, она тилимиз шунча осон экан, боболаримиз Лутфий, Навоий, Бобур каби алломаларнинг ўз она тилимизда ёзган асарларини нега тушунмаймиз? Адабиёт шунчалик осон экан, аруз вазнида яратилган ғазални нега бармоқ вазнида ўқийсиз? Сиз билган чала тил осондир, лекин биз билган буюк адабиёт бениҳоя оғир. Баъзан ўйлаб қоламан: Адабиётнинг халқ орасидаги қадрига кундан-кунга путур етмаяптими? Қарияларнинг эътироф этишича, ўтмишда халқ орасида ғазалхонлик, қиссахонлик каби анъаналар бўлган. Ана шу йиғинларда китобхонлик тонготаргача давом этса-да, ўнлаб мухлислар «қилт» этмасдан тинглашган. Бугунги кунда мактабларимизда адабиётдан олий маълумотли мутахассислар дарс беряпти. Шунга қарамай ўз ўқувчисини 45 дақиқа тинчлантиролмай ўтирадиган адабиёт муаллимлари кўп. Бунинг сабабини, менимча, адабиётдан эмас, балки адабиётчилардан қидириш керак, аниқроғи, илм-у санъат билан амалиёт ўртасидаги тафовутдан қидирмоқ лозим. Кейинги пайтларда шеъриятнинг сийқалана боришига, халқ орасидаги юксак мавқеининг сўна боришига сабаб, биз уни жон озиғи бўлган икки нарсадан: оҳанг ва туйғудан маҳрум қила бошладик. Тўғри, бугунги шеъриятимизда ҳам туйғу бор, лекин у- бор-йўғи тантанали юриш туйғуси; бугунги ўқиётган шеърларимизда ҳам оҳанг бор, лекин – у бор йўғи жанговор хитоба (риторика) оҳанги. Ахир, инсон қалбининг туб-тубида мудраб ётган ҳайрат, қувонч, меҳр, ачиниш, ҳавас, ҳайрихохлик каби туйғулар ҳам бор-ку?! Шу туйғуларга мос халқ санъаткорлари томонидан асраб келинган минглаб оҳангларимиз ҳам мавжуд-ку? Фикримни далиллашга ҳаракат қиламан: Алишер Навоийнинг машҳур «Ғурбатда ғариб», рубоийсини ҳам, Ҳамид Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеърини ҳам бир хил, тантанали хитоба оҳангида ўқиймиз. Ваҳоланки; Алишер Навоийнинг мунгли изтироб уфуриб турган бу рубоийси аруз вазнининг ҳазажи мусаммани ахраби мақбузи макфуфи ажаб баҳрида; Ҳ.Олимжоннинг «Ўзбекистон» шеъри эса, силабо-тоник шеъри қурилманинг бармоқ вазнида яратилган. Хуллас, мактабда шеъриятдан сабоқ берар эканмиз, аввало, мақсаду-маслагимиз ойдек равшан, ойнадек мусаффо бўлмоғи шарт. Менинг назаримда, шеър ўқувчининг билимини ошириши, ақлини тўлдириши муҳим эмас, балки ўқувчининг қалбини қитиқлаши, нозик ва мурғак туйғуларини жунбишга келтириш муҳимроқ. Оламнинг инъикоси бўлган онгимиз жамики ахборотни сезги ва туйғулар орқали олар экан, онгга нисбатан ҳис- туйғу бирламчидир. Демак хулоса шуки, бирламчи манба бўлмиш ҳис-туйғу тараққий этмасдан туриб, унинг бевосита натижаси бўлмиш онгнинг ривожланиши мумкин эмас. Бизда эса анъана тусига кириб қолган шеър ўқитиш услубларидан бири шундай: Аввало янги мавзунинг кириш қисми сифатида шеър ҳақида умумий маълумот берилади. Имкони борича шеър муаллифи мақталади, сўнгра шеър ўқилади ҳамда шеър таҳлилига киришилади. Бу услубнинг камчиликларидан бири қолип даражасидаги бир хиллик бўлса, иккинчиси амалиётга қараганда назариётнинг кучлилиги. Айтайлик юзаки қараганда бирор шеърни ўқишда аввал кириш сўзи қилиш ўринли туюлса-да, аслида ҳали ўқувчи ҳеч бир тасаввурга эга бўлмаган шеърнинг мақтовини келтириш, гўёки молини дурустроқ пуллаш илинжидаги даллол ҳолатини ёдга туширади, зеро, «мол»имиз бебаҳо экан, мақтовга не ҳожат? Ёки шеър таҳлилини олинг. Ўқувчининг асосий эътиборини шеър мазмунига қаратамиз. Лирик қаҳрамоннинг руҳий ҳолати, шеърни ўқиган ўқувчиларнинг ҳар бирининг алоҳида кайфияти ҳақида эса хасисларча мулоҳаза ва баҳс юритамиз, натижада ўқувчи шеър—фикр ва мазмун ифодаси деган, нотўғри тушунчага эга бўлади: Шеър руҳий ҳолат ва ҳис-туйғулар ифодаси эканлиги ҳақидаги ҳақиқатдан бехабар қолади. Асосий эътиборни мазмунга қаратар эканмиз, демак бизнинг асосий хатомиз шундаки, бор кучимизни хулосага, яъни пировард мақсадга қаратамиз. Руҳий ҳолат, ҳис- туйғулар ва оҳанглар рангбаранглигидан эса деярли кўз юмиб ўтамиз. Шеър руҳи ва мазмуни ҳақида гап кетар экан, фикр ва мулоҳазаларимни умумлаштириб кенгроқ доирада тўхталмоқчиман. Шу давргача мактаб ўқув дастурига киритилган шеърларда, менинг назаримда, асосан, икки руҳий ҳолат ифодаси ўз аксини топар эди. Мумтоз шеъриятдан уфуриб турган ҳасрат ва Совет даври шеъриятидан барқ уриб турган фахр туйғулари. Биринчи тоифадаги шерларга А.Навоийнинг «Меҳрибоне топмадим», Бобурнинг «Сўрма ҳолиминики...», «Қолдиму», Турдининг «Тор кўнгиллик беклар», Гулханийнинг «Бер», Махмурнинг «Ҳапалак», Муқимийнинг «Ароба», «Саёҳатнома», Фурқатнинг «Сайдинг қўя бер, сайёд», Аваз Ўтарнинг «Халқ» каби асарларини санаб ўтиш мумкин. Синчков шеър мухлисида шундай хулоса пайдо бўлиши мумкинки, гўёки ўтмишда боболаримиз ҳасрату ғам- андуҳдан бўлак туйғуни ҳис этамаган. У ҳолда ҳайрат, ғайрат, севинч, фахр, меҳр-муҳаббат каби бобомерос туйғуларимиз осмондан тушган бўлиб чиқади. Мактабда адабиёт ўқитишнинг асосий камчилиги, менимча-муҳаббат мавзусидан қочиш. Эски мактаб ва мадрасаларда боболаримиз Бедил, Фузулий, Машраб каби шоирларнинг ишқий ғазалларини ёд олиб савод чиқаришган. Бу анъанадан нега ижодий фойдаланмаймиз; ишқ-муҳаббатдан сўз очилса, ҳижолат чекиб, совуқ терга ботамиз? Буни мен шундай тушунаман: тилда маъно торайиши деган қонуният бор. Бу қонуниятга кўра сўзларнинг қўлланиш доираси баъзи сўзларда вақт ўтиши билан торайиб боради. Натижада, бундай сўзлар ўзининг қадимги маъно аҳамиятини йўқотади; «Муҳаббат» сўзи соф руҳга хос ҳодисани англатиб, «ҳаёт»га талпиниш маъносида қўлланган. Инсон руҳининг гўзалликка, меҳрга ва ҳаққа талпинишини жисмнинг жисмга интилиши (яъни нафс) билан қориштириб юбориш оқибатида «Муҳаббат» сўзи эру-хотин муносабатлари даражасигача сийқалаштирилди. Ошиқ-фақат эр, хотин—маъшуқа бўлиши мумкин деган қашшоқ хулосага олиб келди. Классик адабиётда «ёр» сўзи кўнгилни талпинтирувчи, яъни муҳаббатга сазовор киши, нарса, ҳодиса кабиларни англатган. Ҳунар ҳам ёр бўлиши мумкин; Оллоҳ ҳам ёр бўлиши мумкин; ватан ҳам ёр бўлиши мумкин. Бугунги кунда бу сўзнинг маъноси «эру-хотин» даражасигача торайиб кетди. Оддий бир мисол; 8-синф ўқувчиларига А.Навоийнинг машҳур байти Оразин ёпқач кўзимдин сочилур ҳар лаҳза ёш Бўйлаким, пайдо булур юлдуз, ниҳон бўлгач қуёш. деган байтнинг мазмунини тушунтираётган эдим. «Ёрим юзини ёпгандан сўнг кўзларимдан юлдуздек ёш тўкилдики..., деб изоҳлай бошлаганимда ўқувчиларнинг юзида изтеҳзоли кулги жилва қилди. Шунда «ёр» сўзини изоҳлашни лозим топдим; Бу мисраларда 12 ёшли Алишер ёр деганда кўнгилга энг яқин хилқатни назарда тутаяптики, бу—она ҳам бўлиши мумкин; Оллоҳ ҳам бўлиши мумкин; касб-ҳунар ҳам бўлиши мумкин ёки дўст бўлиши ҳам мумкин. Ўқувчилар ўз қилмишларидан ҳижолат тортишди. Шунингдек, —роҳат, ҳаёт, ишқ, лаззат каби туйғуларнинг образи бўлган май ва шароб сўзлари ҳақида ҳам кўплаб мисоллар келтириш мумкин. Хуллас, хулоса қилиб айтмоқчиманки, адабиётдан сабоқ берар эканмиз, бу «сирли олам»ни ўзимиз чуқурроқ ўрганмоғимиз; бу— бебаҳо хазинадан баҳраманд бўлмоғимиз шарт.