17-avgust, 2026
НАВОИЙ САБОҚЛАРИ
“Хамса” девони ҳақида ўтмишда “Панж ганж” (Беш хазина) атамаси ҳам қўлланган. Ҳазрати А.Новоийнинг “Хамса” девонини ўқиб чиққач, бежиз хазина деб аталмаганлигига ишонч ҳосил қилганман. Маънавиятнинг бу улкан хазинасидан истаган соҳангизга доир бебаҳо “дур”ларни топишингиз мумкин. Хусусан “Ҳайрат-ул- аброр” (“Яхшилар ҳайрати”) достонида ”Муқаддима” ва “Хотима” қисмларидан ташқари 21 мақолот 21 мавзуга бағишланган бўлиб, имон, ислом, султонлар, дарвешлар, саховат, одоб, қаноат, вафо, ишқ, ростгўйлик, илм мавзуларидаги ниҳоятда донишмандона хулосалар ҳам бадиий, ҳам илмий жиҳатдан асослаб берилган. Достоннинг бешинчи мақолоти саховат ҳақида. Саховат энг олий инсоний фазилатлардан бири эканлиги барчага маълум. Аммо меъёридан ортиқ ноўрин саховат хасисликдан ҳам баттар ёмон иллат эканлиги кўпчилик учун янгилик бўлса керак. Сочмоқ овуч бирла гуҳар от учун, Нақд этак бирла мубоҳат учун... (А.Навоий, “Хамса”, Тошкент-1957, 67-бет) “Ном чиқариш учун ҳовучлаб гавҳар сочиш, мақтаниш учун этаклаб пул сочиш мазмунинин билдирадиган бу мисралар тўйларда сўм ва доллар сочаётган “бойвачча”ларни эслатмаяптими?” Ақл ҳисобидан эрур бас йироқ, Бухл бу жудунгдин эрур яхшироқ. Бўлди бу иш маст ила мажнун иши, Маст ила мажнун нега бўлгай киши... (Ўша асар, 67-бет) “Ақлга сиғмайдиган бу сахийликдан хасислик яхшироқ, бундай сахийликни маст ёки жинни одам қилиши мумкин: маст билан жиннини одам қаторига қўшиб бўладими?” А.Навоий ўз ўрнида қилинмаган саховатни қуйидаги бадиий тасвир орқали кулгили аҳволни фош этади: Хизрга етгач тутар оби ҳаёт Миср шакар резига хабби набот. Шамъни кундуз ёритар беадад, Меҳр зиёсига берай деб мадад. Ўйла булутдекки қуруқ боғ уза, Ёғмай ўтиб, сувни тўкар тоғ уза. (А.Навиоий, “Хамса” Тошкент-1957, 68-бет) “Саховат меъёрини ва ўрнини билмаган киши Хизрга тириклик суви тутади, Миср шакарфурушига наввот тутади, қуёш нурига ёрдам берай деб кундузи шам ёқади, қуруқ, боғга ёғмай ўтган ва тоғга ёққан булут сингари муҳтожлар қолиб, бойларга хайр-эҳсон қилади”. Бугунги ҳаётимизда ҳам бой-бадавлат кишиларни садақа ёки тўйга таклиф қилиб, ёрдамга муҳтожларни менсимай “унутиб қолдираётган” саховатпешалар учраб туриши ҳеч кимга сир эмас. “Ҳайрат-ул-аброр” достонининг ўн биринчи мақолати илм аҳли таърифига бағишланади. Қушдек ўлиб сайр муяссар анга, Эгнида авроқи бўлиб пар анга! (А.навоий, “Хамса”, 95-бет) “Илм аҳли китоб варақларидан қанот боғлаб, қуш каб юксакларга парвоз қилади”. Аммо, А.Навоий илмни бойлик орттириш ёки мансаб эгаллаш манбаига айлантириб олган кимсаларни қатъий танқид қилади. Уларнинг қилмиши туфайли эл гумроҳ бўлади: Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию элини гумроҳ этар. Яъни “Кимки илмни бойлик ва амал эгаллаш воситасига айлантирса, ўзи ҳам, эли ҳам боши берк кўчага кириб қолади”. Ҳар бир мақолотда айтилган фикрлар ҳаётий далиллар орқали бадиий тасвир воситалари билан асосланган. Бундан ташқари мақолот сўнггида биттадан фалсафий ҳикоятлар келтирилган. Илм аҳли ҳақидаги мақолотдан сўнг илм аҳлининг раҳнамоси тасаввуф олими Имом Фахр ар-Розий Хоразмга ташриф буюради. Муҳаммад Хоразмшоҳдан бошқа барча ҳузурига зиёратга боради. Имом ҳаммомга кирганида Хоразмшоҳ ҳам кириб қолади. Имомнинг билимини синаш мақсадида “Менга қиёмат ҳақида тушунча беринг-чи?” деб савол беради. Шунда ар-Розий шундай жавоб беради. “Қиёмат ҳам худди шу ҳаммом кабидир. Сизнинг барча бойлигингиз ташқарида қолди. Менинг бойлигим бўлмиш илмим эса ўзим билан биргадир. Қиёмат куни ҳам бойлигу тож- тахтингиз фоний дунёда қолади ва гадо билан баробар бўласиз” деб жавоб берибди. А.Навоийнинг “Тарихи мулки Ажам” асарида эса илм ҳақида бундан-да доно гаплар айтилади. Нўши-равонул одил айтади: “Илм шундай бир хазинаки, ўтда ёнмайди, сувга чўкмайди, ўғри ололмайди, бошқаларга берганинг сайин янада кўпаяди”. А.Навоийнинг қарашлари қомусий билимлар соҳиби эканлигидан далолат беради. Президентимиз И.А.Каримов “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида шундай ёзади: “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак, шоирларнинг султонидир”. Биз ҳар биримиз шундай буюк инсонлар авлодлари эканимиздан фахрланиб, бебаҳо меросидан мунтазам баҳараманд бўлиб боришни кундалик машғулотимизга айлантиришимиз лозим. Абдуқодир ҲАКИМОВ, 94-умумтаълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёт ўқитувчиси “Агар бу улуғ зотни авлиё десак, у авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак, мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак шоирларнинг султонидир”