17-avgust, 2026
СЎЗ СЕҲРИ
ёки “Миёнқол гурунги”даги бир “муаммо” ва бошқа шеърлар тахлилига доир Ўтган йили Тошкентдаги “Мумтоз сўз” нашриётида “Миёнқол гурунги” ёхуд давон ошган авлодлар” номли китоб нашрдан чиқди. Ушбу китобда 52 нафар ижодкорнинг турли жанрлардаги асарларидан намуналар берилган. Китоб муқовасида юксак чўққилардан қуйилиб келаётган тоғ дарёсининг сурати берилган. Миёнқол адабий жараёни ҳам худди шу тоғ дарёси каби юксак чўққилардан бошланади: тиниқ ва покиза, жўшқин ва ўйноқи, “хуштаъм” ва шифобахш... Бу китоб ҳақида аллақачон ўз мулоҳазаларимни айтишим лозим эди. Аммо тўпламга киритилган Мавлоно Шавқийнинг “муаммо”-си бироз ўйлашга ва изланишга мажбур қилди. (“Миёнқол гурунги ёхуд давон оша авлодлар”, Тошкент, 13-бет) Бу муаммонинг жавоби, менинг фикримча, “Сўз” муаммо жанрининг ечилиш қоидасига кўра, жавобни топиша кўмаклашувчи “калит” бўлади. Бу муаммода “калит сўзлари” сўнгги байтдаги “Садди Искандар”. Чунки шоир: “Муаммо Шавқий банд этдим тилсим Садди Искандар” деб ёзяпти, тилсим— яширилган хазина, демак, муаммонинг жавоби А.Навоий “Хамса”сининг бешинчи достони “Садди Искандарий” достонинг XV боби “Сўз таърифи”га бағишланади. Сўзни кўзга кўринмайдиган “Учарда сояси бўлмас...” қушга ўхшатиш фикри, назаримда достондаги мана бу байт таъсирида пайдо бўлган. Башар табъининг ишвагар дилбари, Назардин ниҳон ул сифатким пари... (А.Навоий, “Ҳамса”, Тошкент, 1958, 632 бет.) Сўз инсон табиатининг ишвагар (нозли) дилбари, аммо у парилар каби кўзга кўринмайди (ҳаммага маълумки парилар қуш каби учади). Бу қушни уч оёғи ва икки танаси борлигини қуйидаги мисраларда кўрамиз: Вале гар тилаб халқ офатларин, Кийиб савт ила ҳарф қисватларин... (А.Навоий, “Хамса”, Тошкент, 1958, 632 бет). Мазмуни: Халқ бошига келаётган балоларни тилаб олиб, қайтаради, битта кўйлаги товушдан, битта кўйлаги ҳарфдан. Демак, битта танасига товушдек кўйлак кийган, битта танасига ҳарфдан кўйлак кийган. Сўзнинг оғзаки шакли товушдан кўйлак кийган тана, сўзнинг ёзма шакли ҳарфдан кўйлак кийган тан. Ҳар бир танда учтадан оёқ борлиги эса учта нутқ товуши ва учта ҳарф. Бу қушнинг олтита қаноти ва еттита боши ҳақида. “Садди Искандарий” достонида ҳеч қандай ишора йўқ. Бу шоир Шавқийнинг ўз фантазияси бўлса керак. Илҳом билан ёниб куйлаганда куй мусиқа асбобидан бошланади, сўзлар эса қўшиқ ва куй қанотида парвоз қилади. Олтита мақом-олти қанот, куйнинг бошланадиган ўрни еттита парда-етти бош. Учта кўз танбурнинг ҳар бир пардасидаги учта тор. “Бўйнида қилдан расан” (ип) борлиги ҳам пардалар орасидаги ипга ишора. “Бо думига қайрилган”лиги инсон куй-қўшиқни ўзи яратиб, ўзи тинглайди, яъни ўзидан чиқиб, ўзига қайтади. Агар сув ичса, бу қуш қанотидан ўт чиқиб, куйиши, қанотлари ўтдан эканлиги мана бу байтлар асос бўлади: Оғиз равжасидан хиром айласа, Қулоқ ҳужрасига мақом айласа, Не ўтларки солгай жаҳон ичра ул, Жаҳон ичра йўқ, инсу жон ичра ул. (А.Навоий, “Хамса”, Тошкент, 1958, 633 бет). Сўз оғиз “боғи”дан чиқиб, қулоқ ҳужрасидан жой олса, жаҳонга шундай ўт соладики, инсон ҳам, жон ҳам ўт ичида қолади. Бу қуёшнинг ёзда ухлаб, қишда уйғоқ (бедор)лиги Мавлоно Шавқий яшаган XIX аср ҳаёти билан боғлиқ. Тарихдан маълумки, у даврда аҳоли асосан деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланган. Эрта баҳордан то кеч кузгача дала юмушлари билан банд бўлган. Чорвадорлар ҳам моллари ва қўй-эчкиларини ҳайдаб узоқ яйловларга чиқиб кетишган. Ижод билан шуғулланишга деярли вақти бўлмаган, яъни “сўз қуши ухлаган”. Қишда яйловларни қор босган. Деҳқонларнинг иши тўхтаб чорва моллари қантарилган, тўй томошалар бошланган. Бахшилар тонготаргача достон ва термалар куйлашган. Тўй бўлмаган кунлари бирор хонадон меҳмонхонасига йиғилиб, китобхонлик қилишган, ғазалхонлик, мушоиралар авжига чиққан. Ижодий жараён кучайиб, “сўз қуши уйғонган”. Шоҳу гадо кулбасига олтин лаганни бошида олиб бориши мана бу байтлар мазмунига мос келади: Анинг ганжидан ҳар дирам ахтаре, Яшил куб анга гунбази ахзари. Куб остидаги хишт курси камар, Вале бошида ташти заррини хар. (А.Навоий, “Хамса”, Тошкент, 1958, 634 бет). “Сўз хазинасидаги ҳар бир кумуш танга юлдуздек порлайди, фалакнинг яшил гунбази унга гўё май солинган улкан хум. Ойнинг тиллоранг доираси эса хум остидаги ғишт, бу тилла ғиштни заррин эшак бошида олиб юради”. Сўзнинг Хизр суви-оби ҳаётга ўхшатилиши эса қуйидаги байтлар мазмунига мувофиқ: Ким ул шоми дайжур офотидин, Не офотидин, балки зулмотидин, Чиқорсин Хизр янглиғ обиҳаёт, Етурсин Скандар жанобига бот. Неча зойил ўлсун ҳаёти анинг Тирилсун бу дам бори оти анинг. (А.Навоий, “Хамса”, Тошкент, 1958, 632 бет). Бу байтларда А.Навоий қоронғи шом ва зулмат офатларидан паноҳ беришини Аллоҳдан сўрайди. Достон Хизр суви каби Искандар ҳузурига етиб, неча қайтса ўлса ҳам тирилаверсин, яъни мангуликка дахлдор қилсин. Кўриниб турибдики, Мавлоно Шавқий бу муаммони А.Навоий “Ҳамса”сидан илҳомланиб яратган. Энди “Миёнқол гурунги ёхуд давон ошган авлодлар” тўпламига киритилган бошқа шеърлар ҳақида бир-икки сўз: шеър мухлисларига яхши маълумки, бадиий асарнинг энг муҳим хусусияти қиёфа ва тасвир яратишда намоён бўлади. Айниқса, шеъриятда бу жуда мушкул. Полвонлари ёшу қари қур бўлсин! Тўй, дастурхон ноз-неъматга пур бўлсин! Ҳар йигитнинг бошида бир сур бўлсин! Эл бойлигин ўрлагани ўр бўлсин! Аҳли аёл таққани лаъл дур бўлсин! Шоир Зайниддин Баҳридиновнинг мустақил мухаммас жанрида яратилган бу шеърини ўқисангиз “Зарбанд аҳли” билан “юракдан дардлашгандек” орзу умидлари , феъл- атвори, урф-одатлари, қизиқишларию, иймон- эътиқодидан хабардор бўласиз ва муаллифнинг маҳоратига қойил қолмай иложингиз йўқ. Шоир Рауф Субҳон ҳозирги лирик қаҳрамонини Гўрўғли қиёфасида яратган. Замонавий шеърни тушунмаган ўқувчи ҳайрон бўлади. Аммо, бугун мустақил демократик давлат барпо қилаётган қаҳрамонлар афсонавий гўрўғлилар жасорати билан тенгдир. Ёруғ дунёларнинг қўллари узун, Жонсизга жон берар, жонлига иймон. Гўрўғли уйғонган она ер сўзи, У фақат от сурар шашти кўп ёмон. “Ёруғ дунёларнинг қўллари узун” эканлиги мустақиллик бераётган бениҳоя имкониятлар ифодаси. Ниҳоятда теран фалсафий фикрларни жўшқин туйғулар ва ўйноқи оҳанглар билан уйғунлаштириш мумкинлиги шоир Ориф Тўхташнинг “Ватан надир” шеърида кўрдим. Кўзинг очиб кўрдинг нени, Ва не мафтун этди сени?- Ул ватандир, гул ватандир, Қучоғига экди сени... Ижодкор қалби туғёнларини шоира Гулчеҳра Усмонова ниҳоятда ёрқин ва табиий манзараларда тасвирлаган: Баҳор сен гуллари ҳислар денгизи, Сен билан қўшилиб оқмоққа шайман. Сен кирган кўнгиллар гулдек яшнайди, Қалбларга сенинг каби сингмоқ истайман. Гулчеҳра Усмонованинг “Бахт” ва “Баҳор” номли шеърларини ўқиган мухлис ўзи излаб юрган ҳақиқатни топган киши ҳолига тушади. Ёш ижодкор Шаҳноза Тоғаева “Баҳорни соғиндим” шеърида тасвирлангандек, бадиий ижод, бу гўзаллик ва эзгуликни соғиниб яшаш: “Шовқин солган ким?” деб майсажон Уйқусидан кўтаради бош, Баҳор келган бўлса-да, ҳамон Ҳеч кўринмас ёмғирой бебош. Майса, билдим, кутганинг хуррам, Мен ёмғирни соғиндим бирам... Майса худди гўдак каби беғубор, навниҳол, бутун келажаги ҳам олдинда. “Миёнқол гурунги ёки давон ошган авлодлар” китоби ҳақида ўнлаб мақолалар ёзиш мумкин, аммо яхшиси ўзингиз ўқинг ва завқланинг. Абдуқодир ҲАКИМОВ, 94-умумтаълим мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси ИШҚ ДАФТАРИ Шеърлар Қайси кўнгилники, макон этти ишқ, Ўтдин ани лаълға кон этти ишқ. Бўлмаса ишқ, икки жаҳон бўлмасун, Икки жаҳон демаки, жон бўлмасун. А.Навоий, “Хамса”; “Ҳайратул аброр”, 85-бет, Тошкент-1958