17-avgust, 2026

УСТОЗ

Тиниқ томчи ёғар кўкдан, ғубор бўлмас, Қуёш нур сочмаса, ҳаргиз баҳор бўлмас. Муаллим ҳақ сўзин айтар, бу оламда Адолат яшнагайки, асти хор бўлмас. Кўкдан ёғилаётган тиниқ томчилар ва қуёш нурлари табиат оламини яшнатгани сингари, муаллим ақлу заковатидан ёғилаётган илм нурлари маънавият оламини яшнатаётганлиги шак-шубҳасиздир. Аммо, эл маънавиятнинг юксалиши учун муаллим деган номнинг ўзи кифоя қилмайди. Бу улуғ номга муносиб бўлиш учун ақлу-заковат ва беқиёс меҳру-муҳаббат зарур. Бу борада Халқ маорифи аълочиси, устоз Абдували ака Ғиёсовнинг қалбини бир қатъий ақида макон айлаган: «Ўқитувчи тинимсиз ўз камолоти йўлида билимини ошириб бориши ва каттаю-кичик, барча инсонлар учун инсонийлик намунаси бўлмоғи керак». Дарҳақиқат, муаллим хатти-ҳаракатлари вазиру ҳоким, ҳакиму табиб, муҳандису мударрис, қўйингки барча касб эгалари учун ҳаёт мактаби бўлиб қолади. Чунки, эзгулик уруғлари мурғак қалбларга даставвал ўқувчилик йилларида қадалади ва инсон улғайгач, бу уруғлар униб ўсади, гуллаб яшнайди. Жонкуяр педагог Абдували Ғиёсов тили билан дили бир, софдил инсон, устозлар-устози даражасига етишган камолот соҳиби эканлигини анча кейин ўзим ҳам педагоглик машаққатларини тотиб кўрганимдан сўнггина англаб етдим. Худди кечагидек эсимда, 70-йилларнинг ўрталари... Ғиёсов деган бир сўзнинг ўзиёқ биз ўқувчиларнинг қалбимизда ҳавас ва ҳайрат ҳисларини уйғотар эди. Дид билан озода кийиниши, меҳру-муҳаббат ва ақлу-заковат барқ уриб турган юз кўзлари, куч-қудрат ва ғайрат жўшиб турган хатти-ҳаракатлари, хушмуомаласи ҳар қандай лоқайд ўқувчини ҳам сеҳрлаб қўяр эди. Мактаб директори Э.Амонов, СамДУ ўқитувчиси М.Эргашев, журналист О.Музаффарова... эҳ-ҳе, яна қанча- қанча тенгқурларимиз кўнглида ўқувчилик йилларидаёқ ижтимоий фанлар ва бадиий адабиётга қизиқиш уйғонганлиги бежиз эмас. Ёш филолог А.Ғиёсов дарсларни қизиқарли ва мазмунли ташкил этиш билангина кифояланиб қолмас эди. Турли-туман расм-суратлар, бадиий китоблар билан бойитилган факультатив машғулотлар, китобхонлар конференциялари, қизғин мушоиралар биз ўқувчилар қалбига илк бор эзгулик уруғини қадаганлиги, элу юртга ва илму-маърифатга муҳаббат уйғотганлиги шубҳасиздир. Орадан кўп йиллар ўтди. Ҳарбий хизмат ва талабалик йилларини ортда қолдириб халқ таълими соҳасига келганимда Абдували ака туман халқ таълими бўлимида назоратчи вазифасида ишлаётган эканлар. Устоз айтарли ўзгармабди. Ҳамон ўша-ўша куч-ғайрат, ўша дид ва ўша заковат, фақат сочларига бироз оқ оралабди. Аммо, бу кумуш толалар устозга янада кўркамлик ва салобат бағишлабди. Мана, неча йилларки, А.Ғиёсовдан педагоглик сир-асрорларини ўрганиб, ўз тажрибамда қўллаб келмоқдаман. Абдували ака бу орада туман халқ таълими бўлимининг бош назоратчиси вазифасига кўтарилдилар. Бош назоратчининг иш кабинети доимо гавжум. Устозни ҳамиша директорлар, илмий мудирлар ва ўқитувчилар қуршовида кўрасиз. Кимдир маслаҳат, кимдир йўл- йўриқлар сўраган, яна кимлардир у кишининг икки оғизгина ширин суҳбатидан баҳраманд бўлиш илинжида. Шу ўринда Ҳазрати Навоийнинг мазкур байтини эслатиб ўтишни жоиз топдим. Нафъинг агар халққа бешак дурур. Билки бу нафъ ўзингга қўпроқ дурур. Фидойи педагог А.Ғиёсовни на бойлик, на мансаб, на шахсий ҳузур-ҳаловат мафтун эта олмади. Бу камтарин инсон ўз эътиқодида содиқ қолиб, эл-юрт қаерга лозим кўрса, қаерда халқ учун кўпроқ нафи тегишини ҳис этса, ўша жойда сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Абдували ака 1947 йил 20 февралда оддий деҳқон Ғиёс ака оиласида таваллуд топди. Ўзи туғилиб ўсган Иштихон туманидаги Шейхлар қўрғонида жойлашган 4-ўрта мактабни муваффақиятли тугатиб, 1964 йилдан шу мактабнинг ёшлар етакчиси бўлиб ишлай бошлади. 1968-72 йилларда Самарқанд давлат университетининг ўзбек филологияси факультетида ўқиди. 1972 йилдан бошлаб, яна ўзи таълим-тарбия олган қадрдон мактаби, А.Навоий номидаги 4-ўрта мактабда она тили ва адабиёти фанидан дарс бера бошлади. Уддабурон ва билимдон педагог А.Ғиёсов 1982 йилда тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинланди. Бутун куч-қуввати ва ақлу закотини эртанги кунимиз, кўзимиз нури ҳамда дилимиз қувончи азиз болажонларимиз таълим-тарбиясига бағишлаб келаётган заҳматкаш инсон меҳнатларини эл-юрт эътиборсиз қолдирмади. А.Ғиёсов ўтган йиллар мобайнида туман халқ таълими бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси, Халқ таълими вазирлигининг кўплаб Фахрий ёрлиқлари, 1990 йилда «Меҳнат фахрийси» медалининг соҳиби бўлди. 1991 йилда А.Ғиёсов ҳаётида унутилмас воқеа юз берди. Устоз педагог шу йили Ўзбекистон Республикасининг Халқ таълими аълочиси нишони билан мукофотланди. Дарвоқе, А.Ғиёсовлар оиласини педагоглар сулоласи дейиш мумкин. Сулола бошловчиси, у кишининг оналари Туйғуной ая Азизова кўп йиллар 4-ўрта мактабга раҳбарлик қилдилар. Ўртақишлоқ қишлоқ кенгаши раисаси лавозимидан нафақага чиқиб, шу кунларда ҳам набиралар тарбияси билан машғул. Абдували аканинг рафиқалари Ойдин опа Ғиёсова олий тоифали она тили ва адабиёт ўқитувчиси. Уларнинг тўнғич фарзандлари Муқаддам, Шоҳиста Ғиёсовалар ҳам ота-оналари касбини давом эттириб, мактабда бошланғич синфларга дарс бериб келмоқда. Қизи Гулбаҳор Ғиёсова Самарқанд Давлат чет тиллар институтининг француз тили факультети IV курсида таълим олмоқда. Халқ таълими соҳасида ўттиз икки йил илм жавоҳирларини сочган ва эл донишига йўл очган мўътабар устозга муборак эллик ёшингиз қутлуғ бўлсин деймиз! Бир инсон меҳнати минг-мингта ношуд дилга дил берди. Маориф заҳмати бирлан тили ноқисга тил берди. Ё, ўттиз икки йил илм ўргатиб келгуси авлодга, Ҳақиқат оламида ҳеч суринмас тўғри йўл берди. Илмнинг қадрига оқил етар, нодонда парво йўқ. Ким оқил бўлса, унга пири комил аҳли қўл берди. Эл эллик ёшли устозга барча сийму зар сочса, Бу ношуд Абдуқодир назм ила бар даста гул берди.