17-avgust, 2026

ХУДБИН ОШИҚ ҚИССАСИ

Дунё давлатлари чегараларини осонлик билан забт этиб, барча маданиятли халқларнинг кутубхоналари, музейлари ва илм масканларидан жой олган ноёб ва нодир китоблар орасида Алишер Навоий “Хамса”сининг ҳам ўзига хос муносиб ўрни бор, албатта. Алишер Навоийнинг беш достондан иборат “Хамса” девонида инсоният тарихий тараққиётининг барча даврларида жаҳон миқёсида долзарб масала бўлиб келган муҳим муаммоларнинг ечими далиллар асосида қизиқарли ва бадиий лавҳаларда ҳал этиб берилган. Бу девоннинг қизиқ бир жиҳати шундаки, ундаги достонларнинг тўрттасида ижобий образлар бош қаҳрамон сифатида талқин этилган. Аммо “Сабъаи сайёр” достонида салбий образ тимсоли Баҳром бош қаҳрамон даражасига кўтарилган. Фалсафий-дидактик достон “Ҳайрат ул- аброр”нинг бош қаҳрамони яхши кишилар”, “Фарҳод ва Ширин”да “Фарҳод, “Лайли ва Мажнун”да Қайс, “Садди Искандарий”да Искандар-барчаси ибратли тимсоллар сифатида маҳорат билан тасвирланган. Уларнинг ибратли фазилатларини санаб саноғига етиш қийин. Баҳром эса бутун дунё мол-мулкини қўлга киритган бўлса-да, халқнинг арзу-додига бепарво, лоқайд ҳукмдор. Айш-ишрат, майпарастлик билан кун ўтказади. Баҳромнинг асосий машғулоти айш-ишрат, куй ва қўшиқ тинглаш, кийик овлаш ва қон тўкишдан иборат. Шу тарзда кун кечираётган Баҳром тасодифан (Монийнинг Хитойдан Баҳромни излаб келиши туфайли) Хитой гўзали Дилоромга ошиқ бўлиб қолади. Хитойнинг бир йиллик хирожи эвазига уни олиб келиб, ўз никоҳига олади. Баҳром Дилоромни шу қадар севар эдики, ҳатто овга ҳам ўзи билан бирга олиб чиқар эди. Бир кун ов чоғида кийикни кўриб қолган Баҳром Дилоромдан “Шу кийикни қандай қилиб нишонга олай? Сен айтгандек қилиб отиб бераман” деб сўрайди. Дилором эса шартини айтади. Баҳром дилором айтган шартни бажаргач мақтов кутиб Дилоромга қарайди. Дилором дейди: “Ҳар ким бир ишни варзиш этар, Иш камолини кўр, не ерга етар!” Яъни: “Кимки бир ишга киришиб, астойдил машқ қилса, шундай камолотга эришади” деб, бунга ҳар ким эришиши мумкинлигини айтади. Шоҳнинг норози қиёфасини кўриб яна қўшимча қилди: “Масалан, мен созни шундай чаламанки, куй билан инсон танасидаги руҳни чиқариб юбораман, бунга давомли машқлар натижасида эришдим.” Муттасил мақтовлар эшитиб, кўникиб қолган Баҳромнинг ғазаб ўти оловланиб кетди. Дилоромни ўлимга буюради. Аммо аъёнларининг “заифага тиғ отиш яхши эмас” деган пандларидан сўнг, оёқ-қўлини сочлари билан боғлаб, сувсиз чўлга ташлаб келишни ҳукм қилади... Баҳрои Дилоромни жазога ҳукм қилганида маст эди. Эртасига хушига келиб, Дилоромни сўради. Дилоромни сувсиз биёбонга ташлаб келганини эшитгач, уч кун изтироб чекди. Учинчи куни уни қидириб дашт-у биёбон кезди, амма ном-нишон топмади. Баҳром Дилоромнинг ҳажрида ақлдан айрилди. Давлат ишларини унутди. Ўзига чўлу биёбонни макон тутди. Томоғидан таом ўтмай, кундан кунга заифлашиб борди. Тунлари кўзига уйқу келмас эди. Унинг 400 нафар олимлари бўлиб, ҳар бири турли соҳаларнинг билимдонлари эди. Олимлар Баҳромни ўз ҳолига қайтариш ва Дилоромни унутишга ёрдам бериш мақсадида шундай маслаҳат қилдилар: “Ишқ дардига табиб даво топа олмайди. Ошиқ ўз ёрини унутиши учун унинг хаёлини ажойиб мўъжизалар билан чалғитиш зарур.” Бунинг учун етти иқлим шоҳларига етти қаср қурдирдилар. Етти қасрни етти хил ранг билан безадилар. Етти иқлим маликаларини Баҳромга никоҳлаб бердилар. Баҳром ҳафтанинг ҳар бир кунини бир қасрда ўтказар эди. Кун бўйи майхўрлик қилиб, мусиқа тинглар, тунда уйқуси келмас эди. Шунда ҳар тунда бир иқлим йўлидан келган мусофирни қасрга келтириб унинг ҳикоясини тинглар эди. Шанба куни қора қасрда Ҳиндистонлик мусофир ҳикоятини, якшанба куни сариқ қасрда Румлик мусофир ҳикоятини, сешанба куни гулгун (қизил) қасрда Деҳлидан келган мусофир ҳикоятини, чоршанба куни мовий қасрда Адандан келган мусофир ҳикоятини, пайшанба куни сандал ранг (жигар ранг) қасрда Бохтар (Ғарб) дан келган мусофир ҳикоятини, жуман куни эса оқ рангли қасрда Хоразмдан келган мусофир ҳикоятини тинглайди. “Сабъаи сайёр” достони ҳикоя ичида ҳикоя усулида яратилган саргузашт асар. Мусофирлар тилидан айтилган ҳар бир ҳикоят ўзининг мустақили сюжетига, ғоясига эга, бадиий жиҳатдан етук асарлардир. ... Хоразмлик мусофир машшоқ бўлиб, ўз касбининг моҳир устаси эди. Бутун мамлакат созандалари унинг шогирди эди ва шу касби орқали тирикчилик қилар эди. Бир куни Хоразмга бир хитойлик савдогар келади. У ниҳоятда бадавлат ва сахий бўлиб, ўзи билан оқ ниқоб ёпинган созанда қизи билан келганди. У қиз шундай моҳир созанда эдики, соз чалганда гоҳ йиғлатар, гоҳ кулдирар, гоҳ ухлатиб қўяр эди. Хоразм шоҳи уни зўрлик билан саройга келтирганида, уч мартагача , ҳар сафар барча сарой аҳлини ухлатиб қўйиб, кетиб қолаверади. Охири шоҳ қиздан кечирим сўраб, у билан ака-сингил тутинади ва саройга хизматга олади. Хоразм машшоқларининг пири-устози ҳам созанда қизнинг маҳоратига қойил қолиб, унга хизматкор бўлади. Созанда қиз кун бўйи ғамгин куйлар, тун бўйи йиғлаб чиқар эди. Устоз машшоқ бунинг сабабини сўраганида қиз шундай шарт қўяди: “Менинг ҳикоямни эшитгач, бу мамлакатдан бош олиб кетсангиз айтаман.” Устоз рози бўлади. Қизнинг саргузаштларини эшитгач, Хоразмдан бош олиб кетади ва Баҳромга йўлиқади. Созанда қиз Дилором бўлиб, оёқ-қўли сочлари билан боғланиб, саҳро ўртасида ётганида асраб олиб, улғайтирган савдогар отаси топиб олади ва Хоразмга олиб кетади. Баҳром Дилоромни дарагини эшитиб, кечирим сўраб мактуб ёзади ва отаси иккаласини чақириб олади. Шоҳ Баҳром яна айш-ишратга берилади, мамлакат ишларини унутади. Халқнинг аҳволига эътибор бермайди. Бир куни овда навкарлари билан шунчалик кўп кийик отадики, қон халқоб бўлиб қолади. Бунинг устига ёмғир ёғади. Баҳром навкарлари билан ов қилаётган майдон эски ботқоқлик ўрни эди. Қуриб устидан ажриқ ва ўт ўсган эди. Қон ва ёмғирдан эски ботқоқ очилиб, Баҳромни Дилором ва навкарлари билан ютиб кетади... “Баҳром” сўзи форсча бўлиб, Марс (Миррих) сайёрасининг номи. Шарқ мифологиясиди уруш ва жангу жадал тимсоли ва ҳомийси. Баҳромнинг Гўр лақаби эса кийик деган маънони билдиради. Алишер Навоийнинг “Хамса”си ёзилган йилларда Темурий шаҳзодалар ўртасида ўзаро урушлар авж олган, халқнинг турмуши ҳам ғоят оғирлашган эди. “Сабъаи сайёр” достонига Баҳромнинг (салбий образ) бош қаҳрамон қилиб олиниши ҳам бежиз эмас. Чунки тинчликпарварлик ҳамда халқпарварлик ғоясини илгари суриш, қонхўрлик ва худбинликнинг оқибати ҳалокат эканлигини очиб бериш учун бу айни муддао эди. Бу салбий қаҳрамондан қандай ибрат олиш мумкин? Бир донишманддан “Қандай қилиб доно бўлдинг?” деб сўраганларида, “Ақлни ақлсиздан ўргандим” деб жавоб берган экан. Шунда ундан “Ақлсиздан ақл ўрганиш мумкинми?” деб сўрашибди. У эса “Ақлсиз қилган ишларини қилмадим холос” деган экан. Алишер Навоий ҳам Баҳромни бош қаҳрамон қилиб олганида, шуни назарда тутгандир, эҳтимол.