17-avgust, 2026
ЗАМОНАВИЙ ДАРС ҲАҚИДА ЎЙЛАР
Биз туғёнли даврда яшаяпмиз. Айниқса жумҳуриятимиз мустақил бўлгандан сўнг халқ таълими соҳасида ҳам кўпгина ўзгаришлар юз берди. Дарсларга бугуннинг руҳини сингдириш ҳам энг муҳим ва мунозарали масалалардан биридир. Шу масала юзасидан ўқитувчилар билан суҳбатлашсангиз уларнинг ҳар бири турлича фикр билдиради. Кимдир Шарқ уйғониш даври анъаналарига таяниш лозимлигини тасдиқласа, баъзи мутахассисларимиз Ғарб услубларини илдамлик билан мактабларимизда қўллай бошлашди. Айрим ўқитувчилар эса ҳалигача маъмурий буйруқбозлик тизимининг таълим андозалари асосида дарс ўтишмоқда. Улар ўз маънавий камолоти йўлида изланмайдилар. Қачонлардир олий ёки ўрта махсус илм даргоҳларида таълим олишган-у шу билан қаноатланишади. Уларнинг фикрича маош олиб турса-ю ўз–ўзидан йиллар ўтгани сайин малака тоифалари ошиб бораверса бўлгани. Дарҳақиқат, кўпчилик ўқитувчилар ўз устида ишламайдилар. 20-30 йил ишлаган ва яқин орада бирор илмий педагогик мақола ёки бадиий асар ўқимаган ҳамкасбларим билан суҳбатда бўлганман. Хўш, нега шундай? Бу улуғ касбда ҳар томонлама баркамол инсонлар ишлаши лозимлигини яхши биламиз-ку! Замонавий дарс ҳам ўқитувчининг ижодкорлиги ва изланувчанлиги билан боғлиқ. Ўқитувчи тўғри маънода кашфиётчи бўлмоғи шарт. Бир мактабда ўтилган дарс гоҳида қўшни мактабда мутлақо самара бермаслиги ҳам мумкин. Чунки замонавий дарс муваффақияти муҳит, шарт-шароит ва ўқувчининг тайёргарлик даражаларини аниқ-равшан белгилай билишга боғлиқ. Шунингдек, компьютер, лингафон, радиотехника асосидаги дарслар ўқувчининг қизиқишини орттиради ҳамда билим олиш жараёнларини енгиллаштиради. Аммо бундай дарслар ҳам қатъий эталон тариқасида қабул қилинмаслиги керак. Замонавий ўқитувчи дарсни олдиндан ёзиб олиб, дарс жараёнида эса уни саҳналаштирувчи режиссёри бўлиши зарур. Худди шу усулни ҳар бир синф учун бир ёки бир- неча марта қўллаганидан сўнг янги “сценарий” устида ишлаши замонавий дарс шартларидандир. Ўқитувчи дарсликда берилган билимлар билан қаноатланса, тезда муваффақиятсизликка учрайди. Чинакам ўқитувчи мавзуга мос услуб топа олади. Билимини бойитиб, осон ва қизиқарли йўл билан ўқувчи руҳига сингдиради. Ҳозирги кунда яхши самара бераётган дарс услубларидан бири бу мусобақа услубидир. Ўз тенгдошини қайси бир соҳаларда ортда қолдиришга интилаётган ўқувчига имконият яратиб бериш керак. Баъзи ўқувчиларнинг кетма – кет ғалаба қозониб, бошқаларнинг устма – уст мағлубиятлардан кўнгли озор топмаслиги учун мусобақа турларини тез-тез ўзгартириб туриш, мусобақани баҳолашда адолатли баҳолаш ва ишонарли йўлларни қидириб топиш – мусобақа методининг асосий шартларидандир. Айтайлик, энг оддий шарҳлаб ўқиш услубини ҳам мусобақа тарзида ташкил этиш мумкин. Синф ўқувчиларининг имкониятидан келиб чиққан ҳолда бир ёки бир неча гап ўқитувчи томонидан ўқилади, ўқувчилардан ёдаки такрорлаш талаб этилади. Ўқувчилар қанча узун матнларни ёддан айта олса, матнлар янада кенгайтирилиб ўқилади. Бундай мусобақалар “Ўткир зеҳнлилар баҳси” деб аталиб, янги мавзу баёнида тез-тез қўллаб турилса яхши натижалар беради деб ўйлайман. Ижодкор ўқитувчи хорижий услублардан ўз ўрнида маҳаллий шароитларга мослаб фойдалана олиш билан бирга миллий-анъанавий услубларни ҳам дарс жараёнига дадил татбиқ этади. Миллий-тарихий услублардан бири-- халифа дарс методидир. Бу услубнинг тарихий илдизлари узоқ ўтмиш--боболар замонига бориб тақалади. Билим беришнинг оммавий ва хусусий турлари мавжуд. Синфга оммавий равишда янги мавзу баён қилингач, дарсни мустаҳкамлаш қисмида бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларнинг бир нечтаси тушунмаганлиги маълум бўлади. Шунда тушунган ўқувчиларга бирор топшириқ берилади-ю, тушунмаган ўқувчиларнинг ҳар бирига алоҳида, якка тартибда тушунтириш бошланади. Вақт зиқлигини ҳисобга олган ўқитувчи қобилиятли ўқувчиларни ёрдамга жалб этади. “Ўргатиш--икки баробар ўрганиш демакдир” деганларидек мураббийлик қилган ўқувчиларнинг ҳам билими мустаҳкамланади. Шу тариқа халифа шогирдларидан уйга вазифаларни текшириш, янги билим бериш ҳамда мустаҳкамлаш дарслари мобайнида фойдаланса, ўқувчиларнинг қизиқиши янада ортиб боради. Юқорида баён этилган услубларни бошқа ўқитувчилар ҳам қўллаши зарур деган фикрдан йироқдаман, аммо ҳар бир педагогнинг ўзи маҳаллий шароитдан келиб чиқиб дарс услубини белгилайди. Нимани ўқитиш, қанча вақт ўтишни, замон талабларидан келиб чиқиб давлат белгилайди. Булар ҳақида қатъий давлат андозалари бўлиши табиий. Аммо, давлат ва халқ талаб этган билимларни ўқувчиларга қандай етказиш борасида ўқитувчи эркин иш юритиши керак. Замонавий дарс услубларини қатъий андозага солиб қўйиш ижодкорликни бўғади. Шунинг учун ўқитувчи ўз устида кўп ишлаши, тинимсиз изланиши лозим.