17-avgust, 2026
Насиҳат
Болалар, сизларга айтар гапим кўп, Аммо, ишонмайсиз, ҳаёт бир қоя. Сиз кўрмоқ истайсиз ва шу қояга Чиқиб олмоқчисиз бепиллапоя. *** Биз сизни қайтарсак, шошиб-талпиниб, Гоҳо бошингизни уриб оласиз. Алғов-далғов йўллар нималигини Ўжарлик билан бир кўриб оласиз. *** Китоб ўқишга ҳеч тоқатингиз йўқ, Ҳафсалангиз келмас сира ёзишга. Елкангизга миниб, шайтон шивирлаб, Сизни ундаётир йўлдан озишга. *** Катталар одими катта, сиз майда, Қадамлаб ҳадемай қувиб етасиз. Биз етган манзилни тепиб-тепкилаб Узоқ манзилларни кўзлаб кетасиз.