17-avgust, 2026

Тўлин ой

Ойи, бунча елиб югурмасангиз? Жуда ҳам меҳрибон ҳамда соддасиз. Еттита етимни елиб-югуриб, Катта қилдингиз-ку, ахир отасиз. Меҳр-муҳаббатни авайлаб бироз, Ўрнига ишлатинг жиндай қаҳрни. Фақатгина меҳр-муҳаббат билан Тинчита олмайсиз бақир-чақирни. Қизларингиз ҳали-ҳанузгача ҳам “Хабар олмайсиз” деб нолиб қолади. Ўғиллар “уйда ҳеч ўтирмайсиз” деб Гиналарни юзга солиб қолади. Сиз эса барини юракка ютиб, Инжиқ чеварага алла айтасиз Бир жойда бир ҳафта қўним топмайин Кўҳна уйчангизга шошиб қайтасиз. Ҳузур-ҳаловтни бизларга бериб, Барча ташвишларни йиғиб олгансиз. Болаларни катта қилавергандан Ўзингиз ҳам бола бўлиб қолгансиз. Ойи сўзи ойга жуда ҳам яқин, Қуёшингиз сўниб, қуёш бўлгансиз. “Қуёшнинг ўрнини билдирмайин” деб Бир умр тўлин ой бўлиб тўлгансиз.